Тухум йўналишидаги товуқларни озиқлантириш ҳамда парваришлаш

 Тухум йўналишидаги товуқларни озиқлантириш ҳамда парваришлаш

Республикамизда тухум йўналишидаги паррандаларнинг ҳозирги кунда энг замонавий юқори маҳсулдор кроссларидан Ломанн, Ломан Браунни классик, Ломан ЛСЛ, Леггорн, Ломан Браун вайт, кросслари парваришланмоқда. Улар бир йилда уй шароитида 300 донагача, саноат паррандачилигида 350 донагача тухум беради.

Ломан Браун тухум йўналишидаги машҳур товуқ зотидан. Унинг классик ва вайт турлари мавжуд. Жаҳон бозорида сармаҳсуллилиги, тухумнинг ранги ва ташқи қобиғининг қаттиқлиги билан ажралиб туради. 140-150 кунлик ёшда макиёнчаларнинг 50% тухум бера бошлайди. Энг юқори маҳсулдорлиги 92-94%ни ташкил этади. Бир йилда 302-304 (баъзан 315-320) та тухум беради, тухумининг вазни 63,5-64,5 г. Вазни 20 ҳафтада 1,6-1,7 кг, тухум бериш даврининг охирида 1,9-2,1 кг бўлади.

Ломан Браунни классик ихчам кўринишдаги, кенг кўкракли ва кучли сариқ оёқларга эга. Танаси ялтироқ ва зич тортилиб туради. Ломан Браун катта вазнли бўлмаган классик зот. Катта хўрозларнинг оғирлиги максимал 3 килограмм, товуқлари эса 2 килограмм атрофида. Товуқларнинг ранги жигар ранг, думларнинг учида оқ майда патлари бор, хўрозлари эса қуюқ қора доғли жигар рангда бўлади.

Ломан Браун вайт кўркамлиги жиҳатдан Ломан Браун классикка ўхшайди. Уларнинг асосий фарқи патларининг ва тухум қобиғининг рангидадир. Ломан Браун хўрозлари ҳам оқ рангда бўлади.

Ломан ЛСЛ тухум йўналишидаги товуқ зотидир. Унинг классик ва вайт турлари мавжуд. Уларнинг орасидаги фарқ: вайт тухум турига нисбатан кўпроқ, аммо кичикроқ тухум беради. Ломан Браундан унча фарқ қилмайди. Патлари ва тухумининг ранги оқ. Парваришлаш таннархи арзон. Катакларда боқишга мослашган бўлсада, уни ерда ва қаттиқ тўшамали полда ҳам боқиш мумкин. Бир йил давомида 341-346 та тухум беради, тухумининг вазни 61,5-63 г.

Леггорн товуқлари серпушт зотдир. Бу зот АҚШ ва Италиядан олиб келинган. Маҳаллий енгил вазнли товуқларни (пати оқ, қизғиш ва қора тусда) танлаш ва наслчилик ишларининг бошқа усуллари қўлланилиши натижасида вужудга келган. Леггорн зот товуқлари дунёнинг турли жойларда кўп тарқалган. Бу зот товуқларининг маҳсулдорлиги қуйидаги кўрсаткичларга эга: серпуштлилиги йил мобайнида 200-240 дона тухум, тухумининг ўртача вазни 56-62 г. Етук товуқлар вазни 1,8 кг, хўрозларининг вазни 2,5 кг.
Майдонда парваришлаш зичлиги - боқиш усули ва бинодаги микроиқлимга боғлиқ. Товуқларни умумий 1 м2 майдонда парваришлаш зичлиги 6—8 донани ташкил этади.
Тухум йўналишидаги товуқларни катакларда сақлаш ерда боқишга нисбатан катак ускунасининг турига қараб бир неча баробар кўп паррандалар боқиш имконини беради. Бундай парваришлаш вақтни, озуқа сарфини тежайди ва тухум сифатини яхшилайди.
Товуқларни сув билан таъминлашда нипеллик сув ичиш тизимидан фойдаланиш, қимматли ветеринария препаратларини сув билан бирга ичириш имконини беради ва уларнинг беҳуда сарф бўлишга йўл қўйилмайди. Катакларда сақлаганда товуқларни озиқлантириш вақтида озуқа йўқотилиши кескин камаяди. Парранданинг ўз гўнги билан контакти бўлмаслиги сабабли юқумли касалликларнинг тарқалиш хавфи олди олинади.

Товуқларни озиқлантириш. Сифатли озуқалардан тайёрланиб, тўйимлилиги меъёрлар бўйича мувозанатлаштирилган озуқалардан фойдаланмасдан, товуқларнинг юқори маҳсулдорлигига ва иқтисодий самарадорликка эришиб бўлмайди.
Товуқлар рационида энергиянинг асосий манбаи бўлиб донли озуқалар (маккажўхори, буғдой, оқжўхори, арпа, сули), соя, пахта ва кунгабоқар шроти, омухта ем, ўсимлик ёғлари ва бошқалар хисобланади.
Товуқларнинг юқори ирсий имконияти маҳсулдорлигига қатъий мувозанатлаштирилган озуқа ем орқали эришиш мумкин. Қуйида тухум бераётган товуқларнинг озиқлантириш рецепти келтирилади.

Озуқа таркиби Товуқлар ёши
17 хафта (маҳсулдорлик 5%гача) 18-45 хафта (маҳсулдорлик 5%дан юқори) 45-65 хафта 66 хафта ва ундан юқори
Буғдой дони 38 40 40 38
Маккажўхори дони 20 20 20 15
Соя шроти 15 15 10 8
Кунгабоқар шроти 12 14 14 16
Ўсимлик ёғи 3 3 2,4 2,2
Лизин 0,12 0,16 0,15 0,1
Метионин 0,14 0,18 0,15 0,15
Озуқа охаги        
Трикальций фасфат 1,5 1,5 1,5 1
Ош тузи 0,3 0,3 0,3 0,3
Чой содаси 0,1 0,1 0,1 0,1
Премикс 0,1 0,1 0,1 0,1

Тухумнинг вазни озуқанинг таркиби ва озуқа бериш оралиғига боғлиқ бўлиб, озуқаларни етарли миқдорда бериш тухум ҳажмининг ошишига олиб келади. Товуқларга озуқалар ёшига қараб қуйидаги жадвалда кўрсатилган меъёрларда бериш мақсадга мувофиқ.

Ёши (хафта) Озиқа истеъмоли (грамм) Ёши (хафта) Озиқа истеъмоли (грамм)
18 82 26 112
19 92 27 114
20 98 28-40 115
21 100 41-50 114
22 104 51-61 113
23 106 62-72 112
24 108 73-80 111
25 110 - -

Товуқларни кунлик назорати. Ҳар кунги назоратни ўтказишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади:
– паррандаларнинг умумий ҳолати;
– товуқхона ҳарорати;
– озуқа ва сув истеъмолини кузатиб бориш (кун давомида 2 марта);
– ёруғлик;
– паррандаларнинг ҳаракатчанлиги;
– паррандаларнинг гўнгини ҳолати.

Сув билан таъминлаш. Паррандалардан юқори маҳсулот олишда нафақат юқори сифатли ва тўйимли мувозанатлаштирилган озуқалар керак бўлади, балки тоза ичимлик суви ҳам катта аҳамиятга эга. Товуклар ўртача бир суткада 200-250 мл сув исьтемол қилиши мақсадга муофик бўлади.

Мақола муаллифи
Азамат Эсанов
Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Фермерлар мактаби Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари
“Паррандачилик” модули ўқитувчиси

(Мақолани юклаб олиш)

 


26.11.2022 | 2503