Боғлар ва токзорларда куз-қиш мавсумида бажариладиган агротехник тадбирлар

Боғлар ва токзорларда куз-қиш мавсумида бажариладиган агротехник тадбирлар

Бугунги кунда ер юзида иқлимнинг кескин ўзгариши,  бошқа соҳалар каби қишлоқ хўжалигига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.  Ҳавонинг анимал исиб кетиши ёки кескин совиб кетиши натижасида бир қанча боғ-токзорларга салбий таъсир кўрсатганлиги бизга маълум.  Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда ҳар бир мавсумда боғ-токзорларда ўз вақтида мавсумий,  маълум бир агротехник тадбирларни амалга ошириш талаб этилмоқда.  Ҳозирда юртимизда куз мавсуми.

Куз ойларида боғ-токзорларда келгуси йилда сифатли ва мўл-кўл ҳосил олиш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур ҳисобланади. 
➢Боғ-токзорлардаги тўкилган баргларни йиғиб олиш ва даладан ташқарига чиқариб ташлаш;
➢Боғ ва токзорларнинг атрофини 25-30 см чуқурликда ағдариш;
➢Мевали дарахтларнинг касалланган новдаларини кесиб ташлаш;
➢Қуриб қолган,  синган новдаларни қирқиб олиб ташлаш;
➢Боғ қатор ораларини шудгорлаш  ишларини амалга ошириш;
➢Об-ҳаво шароитига қараб,  ёғингарчилик бўлмаган кунларида дарахтларнинг барглари 70-80 % тўкилган боғларни монилиоз,  парша ва бошқа касалликларга қарши Фиталовин+Фармойед (10 л сувга 20 г + 5 г) ёки карбомиднинг 6 ёки бордо суюқлигининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўл қилиб ювиш;
➢Ноябр-декабр ойларида дарахтларга яҳоб суви бериш. 

Ушбу агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш  натижасида боғ-токзорларни қишки мавсумга тайёргарлиги таъминланади ва келгуси йилда сифатли мўл ҳосил олишга эришилади. Шу билан бир қаторда боғларда,  мевали дарахтларни биринчи галда ўрик,  шафтоли,  олхўри,  гилос,  йирик мевали олча дарахтларининг тана ва она шохларини оқлаш талаб этилади.  Бунда 10 л сувга 2 кг тупроқ,  1, 5 кг оҳак ҳамда мол шатмоғи қўшиб аралашма тайёрланиб оқланса,  оқланган жой тез ювилиб кетмаслигини тажрибали фермерларимиз жуда яхши билишади. 

Шунингдек,  олимларнинг таъкидлашича боғларни шудгорлашдан олдин ҳосилли боғларга ҳар 2-3 йилда бир маротаба гектарига 20-40 тонна органик ўғит (гўнг),  йилига минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 150-180 кг,  калий 50-60 кг солиниб,  боғлар 35-40 см,  токзор қатор оралари эса 25-35 см чуқурликда шудгорлаш талаб этилади.  Шунда боғ ва токзорлардан юқори сифатли ҳосил олиш имкони мавжуд бўлади.  Бўз тупроқлардаги боғ ва токзорларга ҳар йили соф ҳолда 60-90 кг фосфор ва 60 кг калий солинишини мақсадга мувофиқ бўлиб,  бу орқали боғ ва токзорларнинг ҳосилдорлиги ҳамда турли касалликларга ва совуққа чидамлилигини ошириш мумкин бўлади.

           Бундан ташқари,  ток новдаларини кесишда энг аввало касалликлар билан зарарланган новда ва занглар қирқиб олиниб,  ток плантациясидан ташқарига олиб чиқилиб ёқиб юбориш талаб этилади.  Кесилган ток туплари қўндоқланиб ётқизилгач,  кўмишдан олдин оидиум (кул),  антракноз ва рак касалликларига қарши 3 фоизли бордо суюқлиги ёки 5 фоизли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан ёки мис купоросининг 1 фоизли ёки темир купоросининг 3 фоизли эритмаси билан ишлов берилиши (пуркаш) зарур бўлади.  Токлар тўлиқ кўмилгандан сўнг қатор ораларига минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 90-120 кг,  калий 40-45 кг ҳамда 10-15 тонна маҳаллий ўғит солиниб,  тупроқ 25-30 см чуқурликда шудгорлаш амалга оширилади.  Шу билан бирга қатор ораларини суғориш ҳам ижобий натижа беради.

 

Мақола муаллифи
Нортожийев Бобошер
Тошкент давлат аграр университети
“Мева-сабзавотчилик ва узумчилик” кафедраси катта ўқитувчиси

(Мақолани юклаб олиш)


24.11.2022 | 2531