Боғлардаги кузги-қишки агротехник тадбирлар

Боғлардаги кузги-қишки агротехник тадбирлар

Боғ қатор оралари 25-30 см чуқурлиқда ҳайдалади. Ҳайдашдан олдин гектарига 5-10 тонна маҳаллий ўғит солинади. Янги боғ ва токзорлар барпо этиш мақсадида ажратилган ерларга 30-40 тонна маҳаллий ўғит ҳамда 300-400 кг фосфор ва калийли ўғитлар ҳам солиши зарур. Қишки суғориш декабрда бир гектарига 1500-2000 м3 сув сарфлаб, 4-5 кун давомида суғорилади. Боғ ва токзорлар атрофидаги коллектор ва зовурлар тозаланади. Об-ҳаво иссиқ кунлари катта ёшдаги мевали дарахтларга шакл бериб буташ ишларини бошласа ҳам бўлади. Биринчи галда катта ёшдаги олма, нок, уруғли мевали дарахтлар буталади.
Шакл бериш, буташ ва қирқиш ишлари дарахтлар тиним даврида – хазонрезги охиридан то ўсув даври бошлангунча – куртак ёзгунга қадар ўтказилади, совуқ тушгудай бўлса (-5…-10°С ҳароратда) бу ишлар тўхтатилади.
Совуққа чидамсиз бўлган данакли мевалар: ўрик, гилос, шафтоли, олхўри, олча, тоғ олча ва субтропик ўсимликлардан хурмо дарахтлари баҳорга яқин, февралнинг иккинчи ярми – март ойи бошидан шакл бериш, буташ ишлари олиб борилади.
Кузги-қишки мавсумда барча мева дарахтлари биринчи галда шафтоли, олхўри, ўрик, гилос дарахтларининг тана ва она шохлари оқланиши зарур. Бунда 10 л сувга 2 кг тупроқ, 1,5 кг оҳак эритилиб қалин қилиб оқланади. Мол шатмоғи қўшилса тез ювилиб кетмайди.

Ҳаво очиқ ва илиқ кунларда боғларни зараркунанда ва касалликлар захираларига қарши ишловлар ноябрь ойи учун кўрсатилган тавсиялар асосида бажарилади. Боғларни дорилашда охирги йиллари кенг тарқалган монилиоз, кластероспориоз, парша, дарахт таналарини шикастлайдиган рак касалликларига жиддий эътибор берилади. Бунда бордо суюқлигининг 3-4% ли суспензия ҳолида дарахтларни жиққа ҳўл бўлиш шарти билан пуркалади. Бардо суюқлигининг ўрнига мис купоросини 1% ли ёки темир купоросини 3% ли қилиб сепса ҳам бўлади. Маълумки, касаллик юқумлари тўкилган баргларда сақланади. Шунинг учун барча боғларда дарахт атрофидаги тупроқ ағдарилиб чопилади ва шу йўл билан тўкилган барглар йўқотилади.

 

Мақола муаллифи
Ихтиёр Намозов
Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент 

Фермерлар мактаби Тошкент ҳудудий маркази
“Боғдорчилик” модули ўқитувчиси
(Мақолани юклаб олиш)


27.12.2022 | 2831