Қорамолларни бўрдоқилаш

Қорамолларни бўрдоқилаш

Республикамиз аҳолисини сифатли гўшт маҳсулотлари билан талаб даражасида таъминлашда қорамолларни зоти, зотдорлиги, ёши, сақлаш ва парваришлаш шароити ҳамда озиқлантириш технологияси муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирги кунда гўшт ишлаб чиқариш учун бўрдоқиланаётган ёш чорва молларини озиқлантиришда хўжаликда мавжуд озиқалардан ташқари озиқ-овқат саноати, консерва заводлари, пиво ва вино ишлаб чиқариш заводлари, пахта ва ёғ саноати чиқиндилари ҳамда ошхона чиқиндилари каби арзон озуқалардан фойдаланган ҳолда ёш қорамолларни 18 ойлигидаёқ 400-450 кг –га етказиш технологиясини қўллаш самарали натижалар беради.
Ёш қорамоллардан жадал технология асосида гўшт етиштириш қуйидаги уч даврдан иборат: 4-6 ойлик эркак бузоқлар 4 ой давомида парвариш ҳамда кейинги 4 ой давомида ўстириш ва охирги 2-4 ойда жадал бўрдоқилаш даврларини ўз ичига олади
.
Парваришлаш даврида озуқанинг 35 % ни дағал, 30 % ни омухта озуқалар қолган 35% % ни ширали озуқалар ташкил қилади. Ўстириш даврида концентрат озуқалар миқдори 39 % га кўпайтириш орқали жадаллаштирилади. Ўртача кунлик ўсиш 800 граммни ташкил қилади. Бўрдоқилаш технологияси бўйича 150 кун бўрдоқиланади. Бўрдоқилаш даври ҳам 3 даврга бўлинади. 30 кун тайёрлаш, 60 кун асосий ва 60 кун якуний. Ушбу даврда ёш қорамоллар вазни кунига 900-1000 граммдан ўсади.
Бўрдоқилашнинг 1-даврида озиқлантириш рационининг тўйимлилиги бўйича қуруқ моддага нисбатан 38 % ни ширали, 19% ни дағал ҳамда 43 % ни концентрат озуқалар ташкил қилади. 2 даврдан бошлаб молларнинг 

рационига пахта шелухаси киритилади ҳамда концентрат озуқалар миқдори 44% га етказилади. Бўрдоқилашнинг 3 даврида ўртача кунлик ўсиш 1000 грамни ташкил қилади. Молларга бериладиган озуқалар яхшилаб майдаланади, аралаштирилади, ош тузи ва минерал тузлар қўшилиб омухта ҳолида берилади. Рационда концентрат озуқалар 56 % га кўтарилади, ширали озуқалар 27 %, пахта шелухаси 17 % ни ташкил этиб, ўртача 13,5 килограмм озуқа бирлигига етказилади.
Деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларда молларни бўрдоқилашда енгил типдаги бинолар ва айвон, бостирмаларда фойдаланиш ҳамда озиқлантиришда эса сомон, пичан, пахта шелухаси, шрот, кепак, озиқ-овқат саноати, полиз ва сабзавот экинлари чиқиндиларидан фойдаланиб амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
Дағал озуқаларни тўйимлилигини ошириш учун 3-4 см узунликда майдаланади, пиво ва вино бардаси ёки кепак аталаси қўшиб увитилади. 100 кг сомонга 100-120 литр 1% ли тузли сув қўшилиб, ҳар бир бош қорамолга 80-100 граммдан мочевина қўшиб берилади. Бундай усулда тайёрланган озуқа қорамоллар ошқозонида тез ҳазм бўлади ва тўйимлилиги ошади.

 

 

Maқола муаллифи
Ўткир Соатов
ТДАУ
Умумий зоотехния ва
ветеринария кафедраси профессори
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори

(Мақолани юклаб олиш)


06.01.2023 | 2736