Пестицидларнинг бир-бирига мослиги ва ўсимликларни ҳимоя қилишда пестицидлар аралашмаларидан фойдаланиш

Пестицидларнинг бир-бирига мослиги ва ўсимликларни ҳимоя қилишда пестицидлар аралашмаларидан фойдаланиш

Ўсимликларни касалликлар, зараркунанда ҳашаротлар, каналар, нематодалар ҳамда бегона ўтлардан ҳимоя қилишда кимёвий кураш усули ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда жаҳон бўйича пестицидлар ишлаб чиқариш 4,16 млн тоннани ташкил этиб, бу миқдорнинг 2,22 млн тоннаси гербицидларга, 0,7 млн тоннаси фунгицид ва бактерицидларга ҳамда 0,97 млн тоннаси инсектицидларга тўғри келар экан (FAO statistics, 2019).

Етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинларига агрокимёвий моддаларни қўллаш катта эксплуатацион харажатларга эга бўлиб, кўп ҳолларда турли пестицидларни (гербицид + гербицид; гербицид + фунгицид; гербицид + фунгицид + инсектицид; фунгицид + инсектицид; фунгицид + инсектоакарицид; ва б.) ва пестицидлар билан ўғитларни аралаштириб қўллашга тўғри келади.

 

Пестицидлар аралашмаларидан фойдаланиш бир қатор афзалликларга эга бўлиб уларга қуйидагилар киради:
➢ бир вақтнинг ўзида касаллик қўзғатувчилар, зараркунандалар ҳамда бегона ўтларга қарши курашиш имкониятини беради;
➢ ишчи кучи ва ёқилғи сарфини тайёрлаш учун сув сарфини камайтиради;
➢ экин етиштирилаётган далага пуркаш машиналарини кириш сони камаяди, бу эса ўсимликларни нобуд бўлишини ва тупроқни кескин зичлашишини олдини олади;
➢ мақсадли объектга қарши қўлланганда, уларда ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларига нисбатан резистентлик пайдо бўлишини секинлаштиради;
➢ препаратларни сотиб олиш харажатлари иқтисод қилинади (синергизм эффекти туфайли гектарига ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг минимал тавсия этилган меъёридан фойдаланиш мумкин);
➢ пестицидларни қўллаш сонини камайтиради;
➢ ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш билан биргаликда уларни озиқлантириш (ўғитлар, стимуляторлар) имконияти мавжуд бўлади.

  

Аммо, шунинг билан бирга бак аралашмаларини тайёрлаш танлаган компонентларни оддий аралаштириш билан чекланмаслигини эсда тутиш керак. Бак аралашмаларини нотўғри тайёрлаш ҳамда қўллаш, ишчи эритма тайёрланган бакда кимёвий чўкмаларни ҳосил қилиши ёки икки ва ундан ортиқ компонентларнинг бир-бирига муносабати туфайли етиштирилаётган экинга салбий таъсир этиши, сизот сувларни ифлослантириши, фойдали организмларни нобуд қилиши каби иқтисодий ва экологик муаммоларни юзага келтириш мумкин. Бу ҳолатлар эса пестицидлар аралашмасини тайёрлашда уларнинг бир-бирига мослигини текшириш талабини қўяди (давоми бор).


Мақола муаллифи
Альберт Хакимов
Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Тошкент давлат аграр университети доценти
(Мақолани юклаб олиш)

 


13.12.2022 | 2615