Тўқсонбости сабзавот экинларини етиштириш хусусияти

Тўқсонбости сабзавот экинларини етиштириш хусусияти

Сабзавотчиликда кеч кузги экиш муддатини миришкор деҳқонларимиз “тўқсонбости” экин деб атаб келган, чунки бу экиннинг уруғи ерга сепилгандан сўнг қишнинг тўқсон кунлик совуқли кунлари бости деган маънони англатган. Тўқсонбости услубида экилган сабзавот экинлари уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши хисобига эрта ҳосил беради. Кеч кузда совуқ ва намгарчилик бошланмасдан олдин тўқсонбости усулида экиш учун ноябрь ойининг охири, декабр ойининг биринчи декадасида совуққа чидамли сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, карам, кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич, салат) экинларининг уруғлари сепилади. Тўқсонбости қилиб сепиладиган сабзавот экинлари уруғ сарфи меъёри 20% гача кўп бўлади.Маълумки лалми ва сув танқис майдонларда хам тўқсонбости экиш муддатида сабзавот экинларини экиб яхши иқтисодий самарага эга бўлиш мумкин.
Республикамизнинг об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб ҳар бир вилоят учун районлаштирилган, мўл ҳосилли, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган, зараркунанда ва касалликларга чидамли, тўқсонбости экиш муддати учун мос навларни тўғри танлаш лозим. Бунда ушбу экинларнинг эркаклаб кетмайдиган яъни ўзак, гулпоя ҳосил бўлмайдиган навларини экиш мақсадга мувофиқ.Тўқсонбости экиш муддатида пиёзни маҳаллий Истиқбол ва Зафар, хорижнинг Манас, Дайтона, Леоне, Банко навларини экиш мақсадга мувофиқ. Сабзининг илдизмеваси қизил рангли, маҳаллий Зийнатли ва Фаровон, хорижнинг Шантане 2461, Курода Шантанэ, Нантская 4, Канада, Карсон каби нав ва дурагайларини, ош лавлагини маҳаллий Диёр ва Ягона, хорижнинг Бордо 237, Бикорес, Боро F1, Детройт, Пабло F1 дурагайларини, оқ бош карамнинг Бухарест F1, Вестри F1, Лион F1 дурагайларини, гул карамнинг Кашмер F1, Барселона F1, Таласса F1 каби дурагайларини, брокколининг Агасси F1, Гераклион F1, Наксос F1, Маратон F1 дурагайларини экиш тавсия этилади.

Кўкат сабзавотлар юқори ҳосилдорлиги, тезпишарлиги, иссиққа кам талабчанлиги, тупроққа, намга ва озиқ моддаларга кўп талабчанлиги билан бошқа сабзавотлардан ажралиб туради. Улардан салат ўсимлигини маҳаллий Кўк шох ва хорижнинг Фиоретт, Конкорд F1, Лагунас F1, Левистро F1, Саула F1 нав намуналари, исмалоқни Нафис нави, укропнинг маҳаллий Узбекский 243, Ором ва хорижнинг Анет навлари, кашничнинг Орзу ва Янтарь навлари, петрушканинг Нилуфар, Сахарная ва Новас навлари ва рукколанинг хориждан келтирилган Грация, Покер дурагайларини экилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Бу муддатда сепилган сабзавот экинларининг уруғлари қиш мавсумида унмайди, қишки ёғингарчиликлар натижасида уруғлар тупроқдаги намликка тўйинади ва ҳаво ҳарорати 4-50С бўлганда кўкламда барвақт бегона ўтлар уруғларидан олдин ер нами билан униб чиқа бошлайди. Сабзавот уруғлари экилган эгатлар устидан чириган маҳаллий ўғитлар ёки дарахт қипиқлари билан мулчалаш ёки полиэтилен плёнкаларини ёпиш тадбирларини қўллаш экилган сабзавот уруғларини эрта кўкламда барвақт униб чиқиб, жадал ўсиб ривожланиши ҳисобига эрта баҳорда экишга қараганда ҳосил етилиши 25-30 кунгача эртароқ, ҳосилдорлиги эса 15-20 фоизга ортиқроқ бўлади. Ҳарорат 18-200С бўлганда тўлиқ унади, кузда экилган сабзи, пиёз ва лавлагининг барглари кўкламда экилганига қараганда 1,5-2 баравар катта бўлиб, ҳосил 25-30 кун эрта етилади ҳамда ҳосилдорлиги гектаридан 14-15% гача юқори бўлади. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, тўқсонбости сабзавот экиш ердан унумли фойдаланиш, юқори иқтисодий самарага эришиш ва аҳолига эрта, янги маҳсулот етиштириш гаровидир.

Мақола муаллифи
Салоҳиддин Юнусов
Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор
Фермерлар мактаби Тошкент ҳудудий маркази
“Иссиқхона хўжалиги" модули ўқитувчиси

(Мақолани юклаб олиш)


30.11.2022 | 2430