Тўқсонбости усулда сабзи етиштириш

Тўқсонбости усулда сабзи етиштириш

Жаҳонда содир бўлаётган глобаллашув жараёни, иқтисодий инқирозлар, юқумли касалликлар ва сиёсий нотинчликлар озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини узлуксиз кўтарилиб боришига сабаб бўлмоқда. Шундай экан республикамизда ҳам озиқ-овқат ҳавфсизлиги масаласи долзарб бўлиб, аҳолининг сабзавот ва полиз маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли таъминлаш, ердан самарали фойдаланиш орқали кўпроқ маҳсулот етиштириш тизимини яратиш энг устувор масалалардан бири ҳисобланади.
Сабзавотлардан юқори сифатли ҳосил олиш учун эса ҳар бир экиннинг биологик хусусиятларини, уларнинг ўсув даврида озуқага бўлган талабларини, мақбул экиш муддатларини аниқ билиш ва етиштириш жараёнидаги ҳар бир тадбирларни ўз вақтида, сифатли ўтказилишини таъминлаш талаб этилади. Республикамизнинг иқлим-шароитидан келиб чиққан ҳолда экин турларини тўғри танланса йил давомида ҳам очиқ далада сабзавот етиштириш имкониятлари мавжуд.
Тўқсонбости услубида экилган сабзавот экинларининг уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиши, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради.
Сабзавот уруғлари экилган эгатлар устидан чириган маҳаллий ўғитлар ёки дарахт қипиқлари билан мулчалаш ёки шаффоф полиэтилен плёнкаларини ёпиш тадбирларини қўллаш экилган сабзавот уруғларини эрта кўкламда барвақт униб чиқиб, жадал ўсиб ривожланиши ҳисобига эрта баҳорда экишга қараганда ҳосил етилиши 25-30 кунгача эртароқ, ҳосилдорлиги эса 15-20% га ортиқроқ бўлади.
Кеч кузда совуқ ва намгарчилик бошланмасдан олдин тўқсонбости усулида экиш учун ноябр ойининг охири декабр ойининг биринчи декадасида совуққа чидамли сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич, салат) экинларининг уруғлари сепилади. Тўқсонбости қилиб сепиладиган сабзавот уруғлар сарфи 20% гача кўпроқ бўлиши керак.
Бу муддатда сепилган сабзавот экинларининг уруғлари қиш мавсумида унмайди, қишки ёғингарчиликлар натижасида уруғлар тупроқдаги намликка тўйинади ва ҳаво ҳарорати 4-5°С бўлганда кўкламда барвақт бегона ўтлар уруғларидан олдин ер нами билан униб чиқа бошлайди. Ҳаво ҳарорати 18-0°С бўлганда тўлиқ унади, кузда экилган сабзи, пиёз ва лавлагининг барглари кўкламда экилганига қараганда 1,5-2 баравар катта бўлиб, ҳосил 25-30 кун олдин етилади ҳамда ҳосилдорлиги гектаридан 14-15% гача юқори бўлади. Бунда ушбу экинларнинг эркаклаб кетмайдиган навларини экиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
2011-2012 йиллар давомида Ўсимликшунослик ИТИ, ҳозирги Ўсимликлар Генетик ресурслари ИТИ да ўтказилган тадқиқотлар натижасида Ғарб (ssp. occidentalis) кенжатурига мансуб Шантанэ, Нантская 4 навлари Шарқ (ssp. orintalis) кенжатурига мансуб маҳаллий навларга нисбатан тўқсонбости усулда экишга кўпроқ яроқли эканлиги аниқланган (1-диаграмма).
Сабзини тўқсонбости усулда асосан илдизмеваси қизил рангли маҳаллий Зийнатли, Фаровон ёки хорижнинг Шантане 2461, Курода Шантанэ, Нантская 4, Канада ва Карсон каби нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.
Тўқсонбости усулда экилган сабзининг ўсув даври 90-110 кун бўлиб, ҳосил пишиш даври агарда плёнка билан қопланган бўлса – апрел ойида ёки очиқ майдонда етиштирилган бўлса – май ойга тўғри келади.
Экиш муддати. Республика ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитини инобатга олган ҳолда сабзи уруғини тўқсонбости усулида:
жанубий вилоятларда 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр – 15 декабрь, шимолий вилоятларда 1 ноябр – 1 декабрь кунлари экишни тавсия қилинади.

Уруғ сарфи ва экиш схемаси. Уруғ сарфи гектарига 5-6 кг ни ташкил этиб, сабзи уруғлари СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялкалар билан 1,5-2 см чуқурликка 52×8 ва 62×8 см схемада ёки қўлда сочиб экилади.
Парваришлаш. Сабзи уруғлари баҳорда униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтлардан 2 марта ўталади ҳамда яганаланади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади.
Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланилади. Бир йиллик ўтларга қарши, экишдан олдин гектарига Гезагард-50 ёки Прометрин препаратини ҳар гектарига 2-3 кгдан бегона ўтлар уруғи ердан унгунга қадар ёки 1-2 чинбарг чиқарган вақтда; Фюзилад Супер 12,5% препаратини гектарига 1-2 кг ҳисобидан бегона ўтлар уруғи 2-4 та барг чиқарган вақтида пуркалади.
Шунингдек, сабзи иккинчи марта ягана қилиниб, ўтдан тозалангандан кейин қатор оралари трактор культиваторида юмшатилади.
Ўғитлаш. Сабзининг гектаридан 30 тоннагача ҳосил олиш учун юқори унумдор майдонларда соф ҳолда 175 кг азот, 130 кг фосфор, 80 кг калий, ўртача унумдор тупроқларда 220 кг азот, 160 кг фосфор ва 100 кг калий, паст унумдор тупроқларда 250 кг азот, 200 кг фосфор ва 120 кг калий берилиши лозим.
Суғориш. Сабзи етиштиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70-75% бўлиши керак.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Кўп йиллик бегона ўтларга қарши кузда Галомекс 104 г/л эм.к. препарати солинади. Бир йиллик ўтларга қарши экишдан олдин 50% ли Гезагард препаратини 200-300 г, бегона ўтлар уруғи ердан ўнгунга қадар ёки 1-2 чинбарг чиқарган вақтда, 33% ли Стомп 100-200 мл ёки 12,5% ли Фюзилад Супер препаратининг 100-200 г ни пуркаш тавсия қилинади.

Мақола муаллифи
Махфурат Аманова
Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор
Фермерлар мактаби Тошкент ҳудудий маркази
Сабзавотчилик ва полизчилик” модули ўқитувчиси
(Мақолани юклаб олиш)


23.12.2022 | 2684