Ўзбекистон иқлим шароитида эртанги мавсум учун қизил бошли карамнинг мақбул нав-намуналарини танлаш

Ўзбекистон иқлим шароитида эртанги мавсум учун қизил бошли карамнинг мақбул нав-намуналарини танлаш

Сўнгги йилларда ривожланган давлатлар ва мамлакатимизда аҳолининг соғлом овқатланиш тартибига ўтқазиш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.10.2019 йилдаги ПФ-5853-сон “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси” ни тасдиқлаш тўғрисидаги Фармонида устувор йўналишлардан бири сифатида аҳолини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш вазифаси юклатилган бўлиб, соғлом овқатланиш тарзи учун инсон кунлик истеъмол маҳсулотларининг асосий қисми мева-сабзавотлардан ташкил топиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Афсуски, юртимизда сабзавот экинларининг ассортименти чекланганлиги ва дунёда мавжуд 1 200 тур сабзавотдан атиги 50 га яқин сабзавот экин турлари очиқ ҳамда ёпиқ иншоотларда етиштирилиши маълум.
Республикамизда ноанъанавий сабзавот экини бўлган қизил бошли карам таркибида кўплаб биологик фаол моддалар сақлаши, ҳосилдорлиги ва уни узоқ сақлаш имконияти мавжудлиги, турли иқлим шароитларига мослашувчанлиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги каби фойдали ҳўжалик белгилари сабабли деҳқонларимиз орасида ушбу ўсимлик турига эътибор йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айниқса, халқимиз бошидан ўтказган COVID-19 пандемияси даврида барча тиббиёт муассасаларида беморларнинг иммун тизимини тиклаш ва регенерация жараёнини тезлаштириш учун салат сифатида тавсия этилган. Айни пайтда кўплаб овқатланиш масканларида иштаҳа очувчи салат сифатида таклиф этилмоқда.
Айни вақтда Ўзбекистонда уруғлик маҳсулотлари савдо марказларида, бозорларида энг машҳур бўлган қизил бошли карамнинг Primero F1, Red Dynasty F1, Ranchero F1, Omero F1 ва Super Red F1 каби дурагайларига ишлаб чиқарувчилар томонидан талаб ортиб бормоқда.
Аммо эртанги мавсумда қизил бошли карам дурагайларини етиштиришда намуналарнинг биологик ва хўжалик хусусиятларини ҳисобга олиш зарур. Карам нав-намуналарининг вегитация даври, ҳароратга ва намликка бўлган талаби, карам поясининг ҳажми каби белгиларини ҳисобга олиш юқори самарадорлик гарови ҳисобланади.
2017-2019 йилларда Тошкент давлат аграр университетида Тошкент вилояти, Қибрай туманида эртанги мавсумда конкурс нав синовлари бўйича қизил бошли карамнинг умумий ҳамда товарбоп ҳосилдорлиги бўйича тадқиқотлар олиб борилган.

2017-2019 йилларда қизил бошли карамнинг эртанги мавсумда нав синовлари бўйича олинган натижалар

 


Тадқиқотлар натижаси асосида қуйидаги хулосалар олинган:

  1. Ҳосилдорлиги бўйича юқори иқтисодий самарадорликка эга бўлган қизил бошли карам дурагайи сифатида - Ranchero F1;
  2. Энг эрта ҳосил берувчи дурагай сифатида Omero F1 (тез етилиши сабабли юқори нархга баҳоланиши кузатилган) дурагайи ажратиб олинди;
  3. Қизил бошли карамнинг Red Dynasty F1 ва Super Red F1 дурагайлари эртанги мавсум учун иқтисодий самарадорлиги қолган намуналардан нисбатан паст деб хисобланган.

 

Мақола муаллифи
Б. А. Рустамов
Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори,  PhD
(Мақолани юклаб олиш)


11.01.2023 | 2662